Propiedad intelectual Formación en PI Respeto por la PI Divulgación de la PI La PI para... La PI y… La PI en… Información sobre patentes y tecnología Información sobre marcas Información sobre diseños industriales Información sobre las indicaciones geográficas Información sobre las variedades vegetales (UPOV) Leyes, tratados y sentencias de PI Recursos de PI Informes sobre PI Protección por patente Protección de las marcas Protección de diseños industriales Protección de las indicaciones geográficas Protección de las variedades vegetales (UPOV) Solución de controversias en materia de PI Soluciones operativas para las oficinas de PI Pagar por servicios de PI Negociación y toma de decisiones Cooperación para el desarrollo Apoyo a la innovación Colaboraciones público-privadas Herramientas y servicios de IA La Organización Trabajar con la OMPI Rendición de cuentas Patentes Marcas Diseños industriales Indicaciones geográficas Derecho de autor Secretos comerciales Academia de la OMPI Talleres y seminarios Observancia de la PI WIPO ALERT Sensibilizar Día Mundial de la PI Revista de la OMPI Casos prácticos y casos de éxito Novedades sobre la PI Premios de la OMPI Empresas Universidades Pueblos indígenas Judicatura Recursos genéticos, conocimientos tradicionales y expresiones culturales tradicionales Economía Igualdad de género Salud mundial Cambio climático Política de competencia Objetivos de Desarrollo Sostenible Tecnologías de vanguardia Aplicaciones móviles Deportes Turismo PATENTSCOPE Análisis de patentes Clasificación Internacional de Patentes ARDI - Investigación para la innovación ASPI - Información especializada sobre patentes Base Mundial de Datos sobre Marcas Madrid Monitor Base de datos Artículo 6ter Express Clasificación de Niza Clasificación de Viena Base Mundial de Datos sobre Dibujos y Modelos Boletín de Dibujos y Modelos Internacionales Base de datos Hague Express Clasificación de Locarno Base de datos Lisbon Express Base Mundial de Datos sobre Marcas para indicaciones geográficas Base de datos de variedades vegetales PLUTO Base de datos GENIE Tratados administrados por la OMPI WIPO Lex: leyes, tratados y sentencias de PI Normas técnicas de la OMPI Estadísticas de PI WIPO Pearl (terminología) Publicaciones de la OMPI Perfiles nacionales sobre PI Centro de Conocimiento de la OMPI Informes de la OMPI sobre tendencias tecnológicas Índice Mundial de Innovación Informe mundial sobre la propiedad intelectual PCT - El sistema internacional de patentes ePCT Budapest - El Sistema internacional de depósito de microorganismos Madrid - El sistema internacional de marcas eMadrid Artículo 6ter (escudos de armas, banderas, emblemas de Estado) La Haya - Sistema internacional de diseños eHague Lisboa - Sistema internacional de indicaciones geográficas eLisbon UPOV PRISMA UPOV e-PVP Administration UPOV e-PVP DUS Exchange Mediación Arbitraje Determinación de expertos Disputas sobre nombres de dominio Acceso centralizado a la búsqueda y el examen (CASE) Servicio de acceso digital (DAS) WIPO Pay Cuenta corriente en la OMPI Asambleas de la OMPI Comités permanentes Calendario de reuniones WIPO Webcast Documentos oficiales de la OMPI Agenda para el Desarrollo Asistencia técnica Instituciones de formación en PI Apoyo para COVID-19 Estrategias nacionales de PI Asesoramiento sobre políticas y legislación Centro de cooperación Centros de apoyo a la tecnología y la innovación (CATI) Transferencia de tecnología Programa de Asistencia a los Inventores (PAI) WIPO GREEN PAT-INFORMED de la OMPI Consorcio de Libros Accesibles Consorcio de la OMPI para los Creadores WIPO Translate Conversión de voz a texto Asistente de clasificación Estados miembros Observadores Director general Actividades por unidad Oficinas en el exterior Ofertas de empleo Adquisiciones Resultados y presupuesto Información financiera Supervisión
Arabic English Spanish French Russian Chinese
Leyes Tratados Sentencias Consultar por jurisdicción

Uzbekistán

UZ003

Atrás

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни Электрон Ҳисоблаш Машиналари учун Яратилган Дастурлар ва Маълумотлар Базаларининг Ҳуқуқий Ҳимояси Тўғрисида

 Ўзбекистон Республикасининг Қонуни Электрон Ҳисоблаш Машиналари учун Яратилган Дастурлар ва Маълумотлар Базаларининг Ҳуқуқий Ҳимояси Тўғрисида

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

06.05.1994 й. N 1060-XII

ЭЛЕКТРОН ҲИСОБЛАШМАШИНАЛАРИ УЧУН ЯРАТИЛГАН ДАСТУРЛАР ВА МАЪЛУМОТЛАР БАЗАЛАРИНИНГ ҲУҚУҚИЙ ҲИМОЯСИ ТЎҒРИСИДА

Мазкур Қонунга қуйидагиларга мувофиқ ўзгартиришлар киритилган ЎзР 05.04.2002 й. 364-II-сон Қонуни, ЎзР 30.08.2002 й. 405-II-сон Қонуни

Муқаддима 1-модда. Асосий тушунчалар 2-модда. Халқаро шартномалар ва битимлар 3-модда. Ҳуқуқий ҳимоя объекти 4-модда. ЭҲМ учун яратилган дастурлар ёки маълумотлар базаларига нисбатан муаллифлик ҳуқуқини эътироф этиш шартлари 5-модда.Муаллифлик ҳуқуқининг амал қилиш муддатлари 6-модда.Муаллифлик, шахсий ва мулкий ҳуқуқлар 7-модда.Мулкий ҳуқуқларни ўзгаларга ўтказиш 8-модда. Хизмат вазифаларини бажариш тартибида яратилган ЭҲМ учун дастур ёки маълумотлар базасига бўлган мулкий ҳуқуқлар 9-модда. ЭҲМ учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларини рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқи ҳамда уларни рўйхатдан ўтказиш 10-модда. ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасини бошқа давлатларда рўйхатдан ўтказиш 11-модда. ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасидан ҳуқуқ эгаси билан тузилган шартнома асосида фойдаланиш 12-модда. ЭҲМ учун яратилган дастурлар ёки маълумотлар базаларидан эркин нусха олиш ва уларнинг адаптацияси 13-модда. ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базаси нусхасини эркин олиб сотиш 14-модда.Муаллифлик ҳуқуқини муҳофаза қилиш 15-модда.Муаллифлик ҳуқуқининг бузилиши 16-модда. Чет эллик юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари

Ушбу Қонун ЭҲМ учун дастурлар ва маълумотлар базаларини яратиш, уларнинг ҳуқуқий ҳимояси ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.

Қорақалпоғистон Республикасида ЭҲМ учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларининг ҳуқуқий ҳимояси борасидаги муносабатлар Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.

1-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қўлланиладиган асосий тушунчалар: маълумотлар базаси - объектив шаклда ифодаланган ҳамда электрон ҳисоблаш

машиналари (ЭҲМ) ёрдамида топиш ва ишлов бериш мумкин бўладиган тарзда бир тизимга

солинган маълумотлар (масалан: мақолалар, ҳисоб-китоблар) мажмуи; (ЎзР 05.04.2002 й. 364-II-сон Қонуни тахриридаги хат боши)

ЭҲМ учун яратилган дастур - муайян натижа олиш мақсадида ЭҲМ, ЭҲМ шохобчалари ва бошқа компьютер воситаларининг ишлаши учун мўлжалланган маълумотлар ва кўрсатмалар мажмуи;

бошланғич матн - бирорта дастурлаш тилида ёзилган, бирон-бир компилятор қайта ишламаган матн;

объект коди - бошланғич матннинг машина кодига айлантирилиши натижасида юзага келган дастур;

ЭҲМ учун яратилган дастурни декомпиляция қилиш - ЭҲМ учун яратилган дастурнинг таркибий тузилиши ва кодланишини ўрганиш мақсадида объект кодини бошланғич матнга айлантиришни ўз ичига оладиган техникавий усул;

ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасининг адаптацияси - юзага келган муайян шароитда ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасининг ишлашини таъминлаш мақсадидагина амалга ошириладиган ҳамда (декомпиляция қилиш оқибатида) муаллифнинг бошланғич матни ўзгаришига олиб келмайдиган қўшимчалар киритиш;

ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасини модификациялаш (қайта ишлаш) - уларни адаптация деб ҳисобланмайдиган ва бошланғич матн ўзгаришига олиб келадиган ҳар қандай тарзда ўзгартириш;

ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасидан нусха олиш - ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасини ҳар қандай моддий шаклда битта ёки кўпроқ нусхада тайёрлаш ҳамда уларни ЭҲМнинг хотирасига ёзиш;

ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасини тарқатиш - ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасининг ҳар қандай моддий шаклда, шу жумладан тармоқлар воситасида ва бошқа усуллар ёрдамида, шунингдек сотиш, прокатга бериш, ижарага топшириш, қарзга бериб туриш, жумладан ушбу мақсадларнинг исталгани учун импорт қилиш йўли билан олинган нусхаларидан фойдаланишни таъминлаш;

ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасини босиб чиқариш (эълон қилиш) - ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасининг нусхаларини муаллифнинг розилиги билан номуайян шахслар доирасига бериш (шу жумладан ЭҲМ хотирасига ёзиш ва босма матн чиқариш йўли билан бериш);

ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасидан фойдаланиш - уларни босиб чиқариш, улардан нусха олиш, уларни тарқатиш ҳамда хўжалик муомаласига (жумладан, модификациялаштирилган шаклда) киритиш юзасидан бошқа ҳаракатларни амалга ошириш. ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасининг босиб чиқарилганлиги тўғрисидаги хабарларни оммавий ахборот воситаларининг маълум қилиши ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасидан фойдаланиш деб эътироф қилинмайди.

Ҳуқуқ эгалари - муаллиф, унинг меросхўрлари, шунингдек қонун ёки шартнома асосида мутлақ шахсий ва мулкий ҳуқуқларга эга бўлган ҳар қандай жисмоний ёки юридик шахслар.

2-модда. Халқаро шартномалар ва битимлар

Башарти, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ёки битимларида ушбу Қонунда назарда тутилганидан ўзгача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома ёки битим қоидалари қўлланилади.

3-модда. Ҳуқуқий ҳимоя объекти

Ушбу Қонун ЭҲМ учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларини муаллифлик ҳуқуқи объектлари сирасига киритади.

Вазифаси ва афзалликларидан қатъи назар, объектив шаклда ифодаланган, босиб чиқарилган ҳамда босиб чиқарилмаган, муаллиф (ҳаммуаллифлар) ижодий фаолиятининг натижаси бўлган, ЭҲМ учун яратилган ҳар қандай дастурлар ва маълумотлар базаларига нисбатан муаллифлик ҳуқуқи татбиқ этилади. (ЎзР 05.04.2002 й. 364-II-сон Қонуни тахриридаги жумла) ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасига муаллифлик ҳуқуқи токи акси исботланмагунга қадар сақланиб қолаверади.

Ушбу Қонун билан бериладиган ҳуқуқий ҳимоя: ҳар қандай дастурлаш тилида ва ҳар қандай шаклда ифодаланиши мумкин бўлган ЭҲМ

учун яратилган дастурларнинг барча хилига (шу жумладан, операция тизимлари ва дастурий мажмуаларга) нисбатан, бошланғич матн ва объект кодига нисбатан ҳам, шунингдек маълумотларни танлаш ва ташкил этиш бўйича ижодий меҳнатнинг натижаси бўлган маълумотлар базаларига нисбатан татбиқ этилади;

ЭҲМ учун яратилган дастурлар ёки маълумотлар базалари ёҳуд уларнинг бирон-бир қисмига асос бўлган ғоялар ва принципларга, шу жумладан интерфейс ҳамда алгоритм ташкил қилиш ғоялари ва принципларига, шунингдек дастурлаш тилларига нисбатан татбиқ этилмайди.

4-модда. ЭҲМ учун яратилган дастурлар ёки маълумотлар базаларига нисбатан муаллифлик ҳуқуқини эътироф этиш шартлари

ЭҲМ учун дастурлар ёки маълумотлар базаларига нисбатан муаллифлик ҳуқуқи улар яратилгач юзага келади. ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасига бўлган муаллифлик ҳуқуқи эътироф этилиши ва рўёбга чиқарилиши учун рўйхатдан ўтказиш ёки ўзга расмиятчиликларга риоя этиш талаб қилинмайди.

Муаллифлик ҳуқуқи объекти бўлмаган материаллардан (асарлардан) таркиб топган маълумотлар базасига нисбатан муаллифлик ҳуқуқи маълумотлар базасини яратган шахсларга тегишли бўлади.

Бошқа шахснинг муаллифлик ҳуқуқи объекти бўлган материалларни ўз ичига олган маълумотлар базасига бўлган муаллифлик ҳуқуқи бундай материалларнинг ҳар бирига нисбатан муаллифлик ҳуқуқига риоя қилинган тақдирдагина эътироф этилади.

Маълумотлар базасига киритилган материалларнинг ҳар бирига нисбатан муаллифлик ҳуқуқи сақланади. Бу материаллар маълумотлар базасидан қатъи назар ишлатилиши мумкин.

Маълумотлар базасига бўлган муаллифлик ҳуқуқи бошқа шахсларнинг ушбу маълумотлар базасига кирган материаллар ва асарларни мустақил равишда танлаши ва ташкил этишига монелик қилмайди.

Ҳуқуқ эгаси ўз ҳуқуқларидан хабардор қилиш мақсадида ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасининг биринчи бор босиб чиқарилишидан эътиборан муаллифлик ҳуқуқининг уч қисмдан: доира ёки кичик қавс ичига олинган "С" ҳарфи; ҳуқуқ эгасининг номи (исми); ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базаси биринчи бор босиб чиқарилган йил кўрсатилган ёзувдан таркиб топган ҳимоя белгисини қўллаши мумкин.

ЭҲМ учун яратилган дастурлар ёки маълумотлар базаларига бўлган муаллифлик ҳуқуқи уларнинг моддий ашёсига нисбатан мулк эгалиги ҳуқуқи билан алоқадор эмас.Моддий ашёга нисбатан бўлган ҳуқуқларни ўзгаларга ҳар қандай тарзда бериш ЭҲМ учун яратилган дастурлар ёки маълумотлар базаларига бўлган муаллифлик ҳуқуқларидан бирортасининг ўзгаларга ўтиб қолишига сабаб бўлмайди.

5-модда.Муаллифлик ҳуқуқининг амал қилиш муддатлари

ЭҲМ учун яратилган дастурлар ёки маълумотлар базаларига бўлган муаллифлик ҳуқуқининг амал қилиш муддатлари қонун ҳужжатларида кўзда тутилган муаллифлик ҳуқуқи нормаларига мувофиқ белгиланади.

6-модда.Муаллифлик, шахсий ва мулкий ҳуқуқлар

ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасига муаллифлик, шунингдек муаллифнинг (муаллифларнинг) ёки ўзга ҳуқуқ эгасининг шахсий ва мулкий ҳуқуқлари амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ аниқланади. ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасининг муаллифи (муаллифлари) ёҳуд ўзга ҳуқуқ эгаси ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасини модификациялашни, шу жумладан дастурни бир дастурлаш тилидан бошқа тилга ўтказишни амалга ошириш ва (ёки) амалга оширишга рухсат этиш борасида мутлақ ҳуқуққа ҳам эгадир.

7-модда.Мулкий ҳуқуқларни ўзгаларга ўтказиш

ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасига бўлган мулкий ҳуқуқлар шартнома бўйича ўзга жисмоний ёки юридик шахсларга тўлиқ ёки қисман ўтказилиши мумкин. Шартнома ёзма шаклда тузилади ва унда албатта қуйидагилар белгилаб қўйилади: ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасидан фойдаланиш ҳажми ва усуллари, ҳақ тўлаш тартиби ва мукофот пули миқдори, шартноманинг амал қилиш муддати.

ЭҲМ учун яратилган дастурлар ёки маълумотлар базасига бўлган мулкий ҳуқуқлар қонунда белгиланган тартибда мерос бўлиб ўтади.

8-модда. Хизмат вазифаларини бажариш тартибида яратилган ЭҲМ учун дастур ёки маълумотлар базасига бўлган мулкий ҳуқуқлар

Хизмат вазифаларини бажариш тартибида ёки иш берувчининг топшириғига биноан яратилган ЭҲМ учун дастур ёки маълумотлар базасига бўлган мулкий ҳуқуқлар иш берувчига, башарти у билан муаллиф ўртасидаги шартномада ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса, тегишли бўлади.

Ҳақ тўлаш тартиб ва мукофот пули миқдори муаллиф билан иш берувчи ўртасидаги шартномада белгилаб қўйилади.

ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасига нисбатан мулкий ҳуқуқларга эга бўлган ташкилот ёки корхона (мулкчилик шаклидан қатъи назар) қайта ташкил қилинса, тарқатиб юборилса ёки тугатилса, барча мулкий ҳуқуқлар тегишли равишда суднинг ёки тугатиш комиссиясининг қарорига кўра муаллифга (муаллифларга), давлатга ёки бошқа ҳуқуқий ворисга ўтказилиши мумкин.

9-модда. ЭҲМ учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларини рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқи ҳамда уларни рўйхатдан ўтказиш

(ЎзР 05.04.2002 й. 364-II-сон Қонуни тахриридаги модда номи)

ЭҲМ учун яратилган дастурлар ёки маълумотлар базаларига нисбатан барча шахсий ва мулкий ёки шартномага кўра фақат мулкий ҳуқуқларга эга бўлган Ўзбекистон Республикасининг, бошқа давлатларнинг жисмоний ёки юридик шахслари дастурлар ёки

маълумотлар базаларини рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳуқуқ эгаси ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасини бевосита ёки ўз вакили орқали Дастурий маҳсуллар давлат реестри ёки Маълумотлар базалари давлат реестрида (матнда бундан буён Реестр деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Давлат патент идорасига (бундан буён матнда Патент идораси деб юритилади) талабнома бериш орқали рўйхатдан ўтказади. (ЎзР 05.04.2002 й. 364-II-сон Қонуни тахриридаги қисм)

ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасини расмий рўйхатдан ўтказиш сўралган талабнома (матнда бундан буён рўйхатдан ўтказиш талабномаси деб юритилади) ЭҲМ учун яратилган битта дастур ёки битта маълумотлар базасига тааллуқли бўлиши керак. Рўйхатдан ўтказиш талабномасини расмийлаштириш қоидаларини Патент идораси белгилайди. (ЎзР 05.04.2002 й. 364-II-сон Қонуни тахриридаги қисм)

Рўйхатдан ўтказиш талабномаси келиб тушгач, Агентлик керакли ҳужжатларнинг бор- йўқлиги ва қоидаларнинг талабларига қанчалик мувофиқлигини текшириб чиқади. Текшириш натижаси ижобий бўлса, Патент идораси ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасини тегишли Реестрга киритади, талабнома берувчига расмий рўйхатдан ўтказилганлик тўғрисида гувоҳнома топширади ҳамда рўйхатдан ўтказилган ЭҲМ учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларига доир маълумотларни Патент идораси расмий ахборотномасида эълон қилади. (ЎзР 05.04.2002 й. 364-II-сон Қонуни тахриридаги қисм)

Талабнома берувчи Патент идораси сўровига кўра ёки ўз ташаббуси билан маълумотлар расмий ахборотномада босиб чиқарилгунига қадар талабнома материалларини тўлдириш, уларга аниқлик киритиш ва уларни тузатишга ҳақлидир. Текшириш натижаси салбий бўлса, Патент идораси талабнома берувчига расмий рўйхатдан ўтказиш рад этилганлигини билдирувчи ҳужжат топширади. (ЎзР 05.04.2002 й. 364-II-сон Қонуни тахриридаги қисм)

Расмий рўйхатдан ўтказиш тартибини, расмий рўйхатдан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳнома шаклларини, уларда кўрсатиладиган маълумотлар таркибини Патент идораси белгилайди. Расмий ахборотномада эълон қилинадиган маълумотлар рўйхати ҳам Патент идораси томонидан белгиланади. (ЎзР 05.04.2002 й. 364-II-сон Қонуни тахриридаги қисм)

Рўйхатдан ўтказилган ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасига бўлган барча мулкий ҳуқуқлар бутунлай ўзгаларга берилиши тўғрисидаги шартнома Патент идорасида рўйхатдан ўтказилиши лозим. ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасига бўлган мулкий ҳуқуқларнинг ўзгаларга ўтказилиши тўғрисидаги шартномалар томонларнинг келишувига биноан Патент идорасида рўйхатдан ўтказилиши мумкин. (ЎзР 05.04.2002 й. 364-II-сон Қонуни тахриридаги қисм)

Реестрга киритилган маълумотлар токи акси исботланмагунга қадар тўғри деб ҳисобланади. Кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилиги учун талабнома берувчи жавобгар бўлади.

ЭҲМ учун яратилган дастурлар ёки маълумотлар базаларини рўйхатга олиш ҳамда ЭҲМ учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларидан фойдаланишга бўлган мулкий ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги шартномаларни рўйхатга олиш билан боғлиқ юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни бажарганлик учун патент божлари ундирилади. Патент божлари Патент идорасига тўланади. Патент божларининг миқдори ва уларни тўлаш муддатлари, уларни тўлашдан озод қилиш, тўловларнинг миқдорини камайтириш ёки уларни қайтариб бериш асослари, шунингдек патент божларидан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. (ЎзР 30.08.2002 й. 405-II-сон Қонуни тахриридаги қисм)

10-модда. ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасини бошқа давлатларда рўйхатдан ўтказиш

Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари ЭҲМ учун яратилган дастурлар ёки маълумотлар базаларини бошқа давлатларда рўйхатдан ўтказишга ёки уларни халқаро миқёсда рўйхатдан ўтказишга ҳақлидирлар.

ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасини Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари томонидан бошқа давлатларда рўйхатдан ўтказиш Патент идорасига талабнома топширилганидан кейин амалга оширилади. (ЎзР 05.04.2002 й. 364-II- сон Қонуни тахриридаги қисм)

11-модда. ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасидан ҳуқуқ эгаси билан тузилган шартнома асосида фойдаланиш

ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасидан бошқа шахсларнинг (фойдаланувчиларнинг) фойдаланиши ҳуқуқ эгаси билан тузилган шартнома асосида амалга оширилади, ушбу Қонуннинг 13-моддасида кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно.

ЭҲМ учун яратилган дастурлар ёки маълумотлар базалари сотилганда ёҳуд оммавий фойдаланувчилар учун бериб қўйилганда шартномалар тузишнинг алоҳида тартиби қўлланиши, хусусан ЭҲМ учун яратилган дастурлар ёки маълумотлар базаларининг берилаётган нусхаларида шартноманинг типик талаблари баён этиб қўйилиши мумкин.

12-модда. ЭҲМ учун яратилган дастурлар ёки маълумотлар базаларидан эркин нусха олиш ва уларнинг адаптацияси

ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасининг нусхасига қонунан эга бўлган шахс ҳуқуқ эгасидан қўшимча равишда рухсат олмаган ҳолда ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базаси ўз вазифасига монанд ишлаши билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракатларни амалга оширишга, шу жумладан ЭҲМга ёзиб қўйиш ва унинг хотирасида сақлашга, шунингдек аниқ кўриниб турган хатоларни тузатишга ҳақлидир. ЭҲМга ёзиб қўйиш ва унинг хотирасида сақлашга, башарти, ҳуқуқ эгаси билан тузилган шартномада ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса, битта ЭҲМ ёки шохобчадаги битта фойдаланувчига нисбатан йўл қўйилади.

ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасининг нусхасига қонунан эга бўлган шахс ҳуқуқ эгасининг розилигини олмай ва унга қўшимча ҳақ тўламай туриб (башарти, шартномада ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса), қуйидаги ҳаракатларни амалга оширишга ҳақлидир: ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасини адаптациялашга; ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базаси нусхасини, ушбу кўчирма нусха архив мақсадларигагина мўлжалланган тақдирда ва қонуний тарзда олинган нусхани алмаштириш учун керак бўлиб қолган (ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасининг асл нусхаси йўқолиб қолган, йўқ қилинган ёки яроқсиз ҳолга келган) тақдирда ўзлари тайёрлашга ёки тайёрлаш учун топшириқ беришга. Бунда ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасининг кўчирма нусхасидан юқорида айтиб ўтилган мақсадлардан бўлак мақсадларда фойдаланилиши мумкин эмас ва ЭҲМ учун яратилган ушбу дастурдан ёки маълумотлар базасидан бундан буён фойдаланиш қонуний бўлмай қолса, улар йўқ қилиниши лозим.

ЭҲМ учун яратилган дастур нусхасига ҳақли равишда эгалик қилаётган шахс мазкур дастурнинг кодланиши ва тузилишини ўрганиш мақсадларида уни муаллифнинг ёки ўзга ҳуқуқ эгасининг ёзма розилиги бўлган тақдирда ёки қуйидаги ҳолларда бундай розилик бўлмаса ҳам декомпиляция қилиши мумкин, агар:

декомпиляция қилиш натижасида олинган ҳамда мазкур шахс томонидан ишлаб чиқилган дастурнинг ЭҲМ учун яратилган бошқа дастурлар билан ўзаро ҳамкор ишлаши учун зарур ахборотни бошқа манбалардан олиш мумкин бўлмаса;

ЭҲМ учун яратилган дастурнинг фақат бундай ҳамкор ишлашини йўлга қўйиш учун зарур бўлган қисмларининг ўзи декомпиляция қилинаётган бўлса;

декомпиляция натижасида олинган ахборотдан ифодасига кўра ЭҲМ учун яратилган, декомпиляция қилинаётган дастурга жуда ўхшаш бўлган ЭҲМ дастури ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш ёки тарқатиш учун фойдаланилмаса ёхуд бундай ахборот муаллифлик ҳуқуқини бузадиган бошқа ҳар қандай ҳаракатни амалга ошириш учун ишлатилмаса. (ЎзР 05.04.2002 й. 364-II-сон Қонуни тахриридаги қисм)

13-модда. ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базаси нусхасини эркин олиб сотиш

ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базаси нусхасига бўлган эгалик ҳуқуқи ёки ўзга мулкий ҳуқуқлар ушбу нусхага эгалик ҳуқуқи биринчи маротаба сотилганидан кейин ёки бошқача тарзда ўзгага ўткзилганидан кейин, ҳуқуқ эгасининг розилигини олмай ва унга қўшимча ҳақ тўламаган ҳолда олиб сотилишига ёки бошқача усулда ўзгаларга ўтказилишига йўл қўйилади.

14-модда.Муаллифлик ҳуқуқини муҳофаза қилиш

ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасининг муаллифи ва ўзга ҳуқуқ эгалари:

ҳуқуқлари тан олинишини; ҳуқуқ бузилишига қадар мавжуд бўлган ҳолат тикланишини ва ҳуқуқни бузаётган ёки

унинг бузилиши хавфини туғдираётган хатти-ҳаракатлар тўхтатилишини; етказилган зарар унинг миқдорига ҳуқуқбузар томонидан ғайриқонуний олинган

даромад суммасини қўшган ҳолда қопланишини; фойда кўрган ҳуқуқбузардан етказилган зарар қопланиши ўрнига энг кам ойлик иш

ҳақининг тегишли суд қарори билан белгиланадиган йигирма баробаридан минг баробаригача бўлган миқдорида товон тўланишини;

уларнинг ҳуқуқлари муҳофаза қилиниши билан боғлиқ қонунларда назарда тутилган ўзга чоралар кўрилишини талаб қилишга ҳақлидир.

ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базаси муаллифи ва ўзга ҳуқуқ эгалари ўз ҳуқуқлари муҳофаза қилинишини сўраб тегишли судга мурожаат этишлари мумкин.

Суд ЭҲМ учун яратилган дастурлар ёки маълумотлар базаларининг муаллифлик ҳуқуқи бузилган ҳолда тайёрланган нусхаларини мусодара этиш ва уларни йўқ қилиб юбориш тўғрисида қарор чиқариши мумкин. ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасидан бундай нусхалар олишда фойдаланиладиган материаллар ва ускуналар суднинг қарори билан бюджет даромадига ўтказилиши ёҳуд даъвогарнинг илтимосига биноан зарарларни қоплаш ҳисобига берилиши мумкин.

15-модда.Муаллифлик ҳуқуқининг бузилиши

Ҳуқуқ эгаларининг мутлақ ҳуқуқларига тааллуқли ушбу Қонун талабларининг жисмоний ёки юридик шахс томонидан бажарилмаслиги муаллифлик ҳуқуқининг бузилиши ҳисобланади.

ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасини ўзганинг номи билан чиқариш ёҳуд ундан ғайриқонуний равишда нусха олиш ёки бундай асарларни тарқатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий ёҳуд жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Тайёрланиши ёки улардан фойдаланилиши муаллифлик ҳуқуқи бузилишига олиб келадиган ЭҲМ учун яратилган дастурлар ёки маълумотлар базаларининг нусхалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олиб қўйилиши лозим.

16-модда. Чет эллик юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари (ЎзР 05.04.2002 й. 364-II-сон Қонуни тахриридаги модда)

Чет эллик юридик ва жисмоний шахслар ушбу Қонунда назарда тутилган ҳуқуқлардан Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари билан тенг равишда ёки ўзаролик принципи асосида фойдаланадилар.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти И.А. КАРИМОВ